саида раметова хакида маълумот актриса
Саида Раметова қандай касалликка чалингани ҳақида сўзлаб берди (видео)
Ижтимоий тармоқларда Туркияга Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги тарихий сериалда суратга тушиш учун борган актриса Саида Раметова жиддий касалликка чалинганидан хабар топгани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Ушбу хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ҳамда журналист ва телебошловчи Шоҳира Ҳамро Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметованинг хонадонида бўлиб, актриса билан суҳбатлашди.
Актриса Саида Раметова суҳбат давомида оғир касалликка чалингани, дастлаб бу касалликни Туркияда даволатмоқчи бўлгани, аммо қайтишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида гапириб берди.
Бу ҳодиса кутилмаганда бўлди. Туркиядаги сёмкамиз жуда ҳам яхши кетаётган эди. Бизга ҳамма шароитлар яратилган, у жараёнда санъаткор, актёр, актриса эканлигингизни ҳис қиласиз. Бу учун Озодбек Назарбеков бошчилигидаги Маданият вазирлигига, Туркиядаги продюсеримиз Меҳмед Боздағга миннатдорчилигимни билдираман.
Менда озгина оғриқ бўлди, шамолладим деб ўйладим. Актёр Тоҳир Саидов ҳам ‘қўлим оғрияпти’, дегани учун иккаламизни ҳурмат, иззат билан шифохонага олиб боришди. Тоҳирда ҳақиқатдан ҳам шамоллаш чиқди, менга келганда эса шифокорлар бир-бирига қараб, ғалати бўлиб қолишди.
Булар нега ўзгарди дея хавотир ола бошладим. Таржимонимиз ‘Саидахон, ўзингиз билармидингиз?’, дедилар. Нимани деганимда, ‘сизнинг касалингиз — жиддий касал’, деб бошқа нарса айтмаяптилар. ‘Айтаверинг, мен кучли аёлман, ҳаммасига розиман, айтинғ, дедим. Шунда, ‘сизда иккинчи даражали кўкрак саратони бошланибди’, дедилар. Ҳеч кутмаган эдим, шу олтмиш уч йил давомида ҳеч қачон жиддий касал бўлмаганман. ‘Балки адашишгандир, яна бир текширишсин’, дедим. Туркия медицинаси жуда кучли, бутун дунёдан келиб, тўрт ойлаб навбат кутишади, бизни ҳурматимиз учун навбатсиз олиб киришди. Бошқа шифохоналарнинг турли хил аппаратларида текширтирганимизда ҳам бир хил касаллик чиқди.
Аввалига ‘Аллоҳ шу дардни берибди-да, тузалиб кетарман’, деб унча эътибор бермадим. Туркияда операция қиладиган бўлдик, ўзимизникилар, у ердагилар жуда катта меҳр кўрсатишди, Озодбек Назарбеков доим телефон қилиб, хабар олиб турди. Озгина вақт ўтгандан кейин ваҳима бошланди. ‘Э Саида, сен жуда ўзингга ишоняпсан, сен ҳам бир Аллоҳнинг бандасисан, балким сен ўйлаган нарса тескари бўлиб қолса-чи? Бу бир баҳона бўлиб, ҳаётингга нуқта қўйилса-чи, агар бу ерда жоним узилса, ўзимни кечира олмайман’, деган хаёллар тинчлик бермай бошлади.
Шу касалликни ҳаққоний ичимда ҳис қилганимда ҳаёт қанчалик ширин эканлигини сездим. Баъзан бир-биримизнинг дилимизни оғритамиз, роль талашамиз, пулни орқасидан югуриб, ўзимизга дам бермаймиз, ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Лекин соғлиққа ҳеч нима етмас экан.
Саида Раметова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист